Россия Федерацияси Давлат Думаси 23 май, сешанба куни учинчи, якуний ўқишда “Россия Федерациясидан чиқиш ва Россия Федерациясига кириш тартиби тўғрисида”ги қонунга ҳарбий ёки муқобил фуқаролик хизматига чақирилган шахсларни хорижга чиқиш паспортларини ушбу ҳужжатни берган органга сақлаш учун топширишга мажбурловчи тузатишларни маъқуллади.

Агар паспорт узрли сабабларсиз ваколатли органга сақлаш учун берилмаса, у ҳақиқий эмас деб топилади. Шунингдек, паспорт эгаси фамилияси, исми, отасининг исмини ёки туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги тўғрисидаги маълумотларни ўзгартирса, паспорт ҳақиқий эмас деб топилади.

Тузатишлар ҳали ҳам Федерация кенгаши томонидан тасдиқланиши ва Россия президенти томонидан имзоланиши керак, улар расмий эълон қилинган кундан бошлаб 180 кун ўтгач кучга киради.