Франция Алексей Навалнийнинг Россиядаги колонияда заҳарлангани ҳақидаги иккита ғарб лабораторияси хулосаларини «чуқур хавотир билан» кўриб чиқди. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотда айтилган.
«Франция унинг ўлими учун Россия расмийлари тўлиқ жавобгар эканини яна бир бор таъкидлайди ва унинг фожиали ўлими ҳолатларини тўлиқ текширишни талаб қилишда давом этади», — дейилади ҳужжатда.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путиннинг асосий сиёсий рақиби деб аталган мухолифатчи Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная ғарб лабораторияларини турмуш ўртоғининг биологик намуналари бўйича таҳлил натижаларини эълон қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, улар эрининг Россия колониясида заҳарланганини тасдиқлайди.
«2024 йилнинг февралида биз Алексейнинг биологик намуналарини олишга, хорижга олиб чиқишга ва ғарб давлатларидан биридаги лабораторияга ўтказишга муваффақ бўлдик. Бир неча ой олдин натижалар олинганини билдим ва икки давлатдаги иккита лаборатория мустақил равишда Алексей заҳарланган деган хулосага келди», деб ёзади Навалная Telegramʼда. Эрининг ўлимидан сўнг у унинг ишини давом эттириш ниятида эканлигини маълум қилди.











