Таъкидланишича, бу ишлар Қурилиш вазирлигининг БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонд билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ жойларида энергия жиҳатдан самарали уй-жойлар қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Унга кўра, 2019-2021 йилларда энергия жиҳатдан самарали арзон уй-жойлар қурилиши учун 3 млн АҚШ доллари миқдорида мақсадли грантлар ажратилиши назарда тутилган. Бу маблағлар энергия самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча харажатларни қоплашга йўналтирилади. Лойиҳага мувофиқ, янги арзон уй-жойлар қайта тикланадиган энергия манбаларини ҳосил қилувчи фотоэлектр станциялар билан таъминланиши режалаштирилган.

Тадбирда қайд этилдики, қишлоқ жойларда қуриладиган уйларга энергия тежайдиган қурилиш материаллари ва жиҳозларини қўллаш келгуси йилларда ҳам давом эттирилади, халқаро тажрибаларни қўллаган ҳолда такомиллаштирилган лойиҳалар ишлаб чиқилади.










