ИИМК баёнотига кўра, АҚШ армияси таъсири остида ҳаракат қилган учта нефт танкери Ҳўрмуз бўғозининг жанубидаги миналаштирилган йўлак орқали ўтишга уринган.

Баёнотда айтилишича, танкерлардан бири портлаб, унда кучли ёнғин чиққан. Шундан сўнг қолган икки кема ортга қайтган.

ИИМК ўз ҳарбий-денгиз кучлари АҚШ минтақада “тажовузкор ҳаракатларини“ давом эттираётган экан, Ҳўрмуз бўғозини тўсиб туришда давом этишини билдирди. Шунингдек, Эрон билан келишмасдан бўғоздан ўтишга уринган ҳар қандай кема портлаган танкер тақдирига дуч келиши ҳақида огоҳлантирилди.

FT: Георгиос Прокопиуга тегишли танкер Эрон томонидан олиб кетилган бўлиши мумкин

23 июл куни эрталаб Financial Times сунъий йўлдош тасвирларига таяниб, грек тадбиркори ва денгиз ташув компаниялари эгаси Георгиос Прокопиуга тегишли Kavomaleas танкери Эрон сувларига буксир қилинган бўлиши мумкинлигини хабар қилди.

Нашр маълумотига кўра, танкер 19 июл кечқурун Ҳўрмуз бўғозида ўққа тутилган. Кема Ўмондан йўлга чиққан бўлиб, Форс кўрфази томон ҳаракатланаётган пайтда унга иккита снаряд теккан.

Ҳужум оқибатида машина бўлимида ёнғин чиққан ва экипаж кемани тарк этишга мажбур бўлган.

Европа космик агентлиги (ESA)нинг 21 июлдаги сунъий йўлдош тасвирларида ўлчами ва палубаси ранги Kavomaleas танкерига мос келадиган кема Эрон ҳудудий сувларида, Ларак ороли яқинида тургани акс этган. Суратларда унинг машина бўлимидан тутун кўтарилаётгани ҳам кўринади.

Financial Times таъкидлашича, танкер ҳужумга учраган денгиз ҳудуди ҳозир бўш. Таҳлилчилар юқори эҳтимол билан кема Эрон томонидан қўлга олинган деб ҳисобламоқда.

Нашр маълумотига кўра, танкер Форс кўрфазида 500 минг баррелдан ортиқ нефт юкини қабул қилиши керак эди. Сунъий йўлдош тасвирларида ҳужумга учраган кема ортидан нефт изи ҳам кўринади.

Танкер эгаси бўлган Dynacom компанияси кемага нисбатан ҳеч қандай кўчириш ёки буксирлашга рухсат бермаганини билдирди. Компания ҳозирда танкернинг қаердалигини аниқлашга уринмоқда.

Ҳўрмуз бўғозида танкерларга ҳужумлар

Financial Times маълумотига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши давомида Ҳўрмуз бўғозида жами 45 та кема турли ҳужумларга учраган. Нашр қайд этишича, Kavomaleas билан боғлиқ ҳолат можаро бошланганидан бери Эрон томонидан кема қўлга олингани ҳақидаги учинчи эҳтимолий ҳолат ҳисобланади.