Ҳужжатга кўра, муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга ўқитишдан асосий мақсад — уларни хизматдан бўш вақтда ва хизматни тугатгандан кейин меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш ҳамда бандлигини таъминлашдан иборат.

Лойиҳага асосан, ўқув жараёнлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Маблағлар ўқув курсларини ташкил этиш, педагог ва бошқа ходимлар меҳнат ҳақи, шунингдек, тегишли ажратмаларни қоплаш учун йўналтирилади.

Шунингдек, узоқ ҳудуддан келиб дарс ўтадиган педагогларнинг йўл харажатлари ҳам харажатлар калькуляциясига киритилади.

Низом лойиҳасида техникумлар, ҳарбий қисмлар ва ҳудудий бандлик бошқармалари ўртасида маблағ ажратиш ҳамда ҳисобот юритиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ўқув жараёнига жалб этилган педагог ва бошқа ходимларга иш ҳақи Меҳнат кодексида белгиланган муддатларда тўлаб борилади.