Ўзбекистон ҳукумати қарори билан “Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги қошидаги Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан енгил саноат корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ушбу низом Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан енгил саноат корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги томонидан тадбиркорларга қуйидаги йўналишлар бўйича харажатларни қоплаб бериш учун молиявий ёрдам кўрсатилади:
🔹 Халқаро брендларни жалб қилиш харажатлари бўйича:
халқаро брендларни жалб қилиш, уларнинг эгалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан сорсинг компаниялари хизматлари учун харажатлар;
эконом класс транспорт харажатлари;
Ўзбекистон ҳудудида меҳмонхона харажатлари;
таржимонлик хизмати харажатлари.
🔹 Мутахассисларни ўқитиш харажатлари бўйича:
ўқув-тренингларда қатнашиш тўлови;
транспорт харажатлари;
меҳмонхона харажатлари.
Молиявий ёрдам олиш учун тадбиркорлар томонидан тақдим этилган ариза ва зарур ҳужжатлар ариза қабул қилинган кундан бошлаб 7 иш куни давомида кўриб чиқилади.
Агентлик қабул қилинган қарор тўғрисида тадбиркорларга 1 иш куни мобайнида хабарнома юбориши лозим.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу тартиб енгил саноат корхоналарининг халқаро бозорда рақобатдошлигини ошириш, янги брендлар ва технологияларни жалб этиш ҳамда кадрлар салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.











