Ахсикент археология парки таркибидаги Янги Ахси мажмуаси топилмалар фонди 68 та янги танга ҳамда 27 та китоб билан бойиди.
- VIII асрга оид Аббосийлар ҳукмронлиги давридаги кумуш тангалар ҳам араб ёзувидаги бежирим хатга эга. Қўлёзма китобда ҳандаса, риёзиёт, илми нужум, тиббиётга оид қимматли маълумотлар бор. Улар орасида Сомоний ва Қорахоний ҳукмдорлар даврида ҳамда 1667-1670 йилларда Швеция, 1836 йилда Буюк Британияда чиқарилган тангалар мавжуд, - дейди археопарк директори Анвар Икром.

Илк кумуш тангалар милоддан аввалги III асрда чиқарилган. Унинг юза қисми - аверсига подшонинг сурати, орқа томони - реверсига эса тасвирлар солинган ёки подшоларнинг номи ёзилиб, тамғаси туширилган.
Ахсикент комплекс экспедицияси Ахсида Умаршайх Мирзонинг резиденцияси ўрни - Яккайигит боғида қазишма ишларини бошлаган. Топилмалар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
















