«Медуза» нашри сўровига кўра текширув ўтказган бир гуруҳ кузатувчилар 2021 йилда Давлат думасига бўлиб ўтган сайловларда Россиянинг 12 та минтақасида 1,2 млн сайловчилар овози сохталаштирилгани фактини аниқлади. 12 август, жума куни «Медуза» сайтида чоп этилган суриштирувга кўра, бу нисбат бошқа минтақаларда сақланиб қолган ҳолда, жами 17 млнгача овоз сохталаштирилган бўлиши мумкин, дегани. Шу билан бирга, нашрнинг қайд этишича, бу ҳисоб-китоблар федерация субъектлари ўртасидаги фарқларни ҳисобга олмаган ва тахминийдир. 

2021 йил сентябр ойида бўлиб ўтган сайловларда сайлов участкаларига видеокамералар ўрнатилди, бироқ улардан эркин фойдаланиш имкони бўлмади. «Медуза» 19 та минтақадаги тўққиз мингдан ортиқ участка ва ҳудудий сайлов комиссиялари хоналарига ўрнатилган камералардан миллион соатдан ортиқ тасвирларни олди.

Ушбу участкаларнинг учдан бир қисмидаги ёзувлар нейротармоқ ёрдамида таҳлил қилинди. Уларнинг кўпчилигида, тармоқ маълумотларига кўра, қоидабузарликларга йўл қўйилган. Хусусан, расмий маълумотларга кўра, ушбу 3505 сайлов участкасида 3 млн 200 минг киши овоз берди. Шу билан бирга, икки миллиондан сал кўпроқ сайловчи видеога ёзиб олинган, деб ёзади «Медуза».

Суриштирувчилар нейротармоқ ёрдамида Краснодар ўлкаси, Санкт-Петербург, Татаристон, Кемерово области, Кабардин-Балкария, Бошқирдистон, Мордовия, Тива, Чукотка ва Ямало-Ненец автоном округлари, Брянск ва Саратов областларидан видеоларни ўрганишга муваффақ бўлди.

Сайловлардан сўнг дарҳол сайлов бўйича мустақил таҳлилчи Сергей Шпилкин сайлов участкаларидан олинган очиқ маълумотларга асосланиб, 13,8 млнга яқин овоз сохталаштирилган бўлиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқди. Кремль Давлат думасига сайловларда катта миқёсдаги фирибгарлик содир этилганини рад этади.