“Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, 2021-2023 йилларда Ўзбекистонда хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб, жумладан, қуйидагилар белгиланди:

  • 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш;
  • аҳолини касбга ўқитишдан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишгача бўлган босқичларни қамраб олувчи “комплекс хизматлар” кўрсатишни ташкил этиш.

2021 йил 1 июлдан республика ҳудудларида хизматлар соҳасининг ривожланганлиги рейтинги жорий этилиб, “Business Indicator” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимида эълон қилинади. 

Бунда ҳар ярим йилда тегишли ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг фаолияти баҳоланиб, натижалари бўйича ижобий кўрсаткичга эга бўлганлари – рағбатлантирилади, қониқарсиз кўрсаткичга эгалари – интизомий жавобгарликка тортилади.

Янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинади.

Шунингдек, божхона постлари ҳудудидаги бўш ер участкалари ҳамда тегишли йўл-патруль хизмати постлари ҳудудидаги ер участкалари тадбиркорларга савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратилади.