Россия қурилиш иншоотларида ишчи кучининг етишмаслиги, пандемия сабабли мамлакатдан чиқиб кетган мигрантларнинг қайтишидан кейин ҳам сақланиб қолади. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин маълум қилди.
«Бизда қурилиш-монтаж ишлари ҳажмининг ўсиши меҳнат ресурсларига қараганда анча юқоридир. Биз илдам ўсмоқдамиз, иш ҳажмларини кўпайтиряпмиз. Чегаралар очилиши натижасида меҳнат мигрантлари қайтса ҳам, бу соҳада бизда ишчилар етишмайди», — деди у.
Бу борадаги яна бир омил россияликларнинг қурилиш соҳасидаги ишларда таклиф қилинаётган ойликка ишлашни истамаслигидир.
Аввалроқ у Россиядаги қурилиш майдонларида муҳожирларнинг етишмаслиги соҳа учун муаммо бўлса-да, меҳнат унумдорлигини оширишга имкон берганини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида 1,5 миллион меҳнат муҳожири мамлакатни тарк этган.
Аввалроқ Россия 1 апрелдан Тожикистон ва Ўзбекистон билан парвозларни қайта тиклашни режалаштираётгани хабар қилинганди.










