Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон давлат хизматларини кўрсатиш ва тўловларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (Ягона портал) такомиллаштирилган талқини ҳамда унинг мобил иловаси ишга туширилган, шунингдек давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизими фаолияти йўлга қўйилган.
Давлат хизматларини онлайн хизматлар индекси талабларидан келиб чиққан ҳолда электрон кўринишга ўтказиш, давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий тартиботлари ва босқичларини соддалаштириш ҳамда оптималлаштириш, уларни кўрсатиш билан боғлиқ ахборот тизимлари ва ресурсларини ишлаб чиқиш, маълумотларни рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) 2021 йил сентябр ойидан бошлаб Ягона портал ўз фаолиятини “Аризачи портал учун эмас, балки портал аризачи учун” тамойили асосида олиб боришга, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг порталга бўлган ишончини кучайтириш йўли билан янада мустаҳкамлашга қаратади;
б) Ягона портал орқали электрон давлат хизматларини жорий этиш, ушбу давлат хизматларини кўрсатувчи масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг тегишли ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари мавжуд бўлган тақдирда ҳамда электрон давлат хизматини кўрсатиш бўйича тасдиқланган маъмурий регламент асосида амалга оширилади;
г) Ягона портал орқали келиб тушаётган аризаларни кўриб чиқишда маъмурий регламентларда кўрсатилмаган ва асослантирилмаган сабаблар асосида рад этишга йўл қўйилмайди;
д) “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимида (id.egov.uz) ўз қайд ёзувлари ҳақиқийлигини электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган фойдаланувчилар хоҳишига кўра Ягона портал мобил иловаси орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматларидан электрон рақамли имзо талаб қилинмасдан чекловсиз фойдаланиш имконияти яратилади.
Ягона порталда жорий этилган давлат хизматлари сифатли кўрсатилишини таъминлаш мақсадида:
аризачиларга кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари сифатини яхшилаш ва янги хизматларни жорий этиш борасида – “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси;
Ягона портални техник қўллаб-қувватлаш ва фойдаланиш жараёнидаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш – Ягона интегратор “UZINFOCOM” МЧЖ;
давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида фойдаланиладиган идоравий ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг узлуксиз ишлаши ва маълумотлар ҳаққонийлиги ва актуаллигини таъминлаш ҳамда давлат хизматлари бўйича асоссиз рад жавоблари берилиши ва (ёки) аризалар кўриб чиқиш муддатлари сунъий чўзилиши ҳолатлари олдини олиш қисмида — давлат хизматлари кўрсатувчи масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида иштирок этаётган ахборот тизимлари белгиланган техник ҳужжатларга мувофиқ фаолиятини назорат қилиш ва камчиликлар аниқланган ҳолларда уларни бартараф этиш ҳамда йўл қўйилган масъулиятсизликлар бўйича зарур чоралар кўриш қисмида —Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси;
давлат хизматлари “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ кўрсатилиши қисмида — Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги масъул ва жавобгар эканликлари белгилаб қўйилади.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига уй-жой коммунал хизматлар соҳасида янада қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тажриба сифатида 2021 йил июлдан 2021 йил якунига қадар муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматларидан аризачи хоҳишига кўра композит тарзда фойдаланиш тизими жорий этилади.
Бунда:
муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича ягона электрон мурожаат қилиниши ва ягона тўлов амалга оширилиши;
муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича техник шартларни олишдан бошлаб ҳисоблагичларни пломбалашгача бўлган хизматлар кетма-кетликда кўрсатилиши;
композит хизмат ариза келиб тушгандан бошлаб 7 иш куни мобайнида тўлиқ кўрсатилиши инобатга олинади.
Уй-жой коммунал вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ўзсувтаъминот”, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда мазкур композит хизматни кўрсатиш бўйича маъмурий регламент тасдиқланишини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқлаш учун киритилишини таъминлайди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар Ягона порталда давлат божлари ва давлат органлари томонидан солинган жарималар ҳамда бошқа тўловларни тегишли банк ва бошқа тўлов тизимлари орқали онлайн тарзда тўлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи алоҳида платформа ишлаб чиқилиши ва ишга туширилишини таъминлайди.










