Адабиётшунос Kun.uz'га тақдим этган мақоласида ўз фикрларини ўнлаб шоирлар ва уларнинг ижоди мисолида санаб ўтган. Қуйида мақоланинг биринчи қисми билан танишишингиз мумкин.
Охирги вақтларда фақат сиёсат, иқтисодиёт эмас, маънавият соҳасида ҳам зиёлилар ва маърифат кишиларини хурсанд қиладиган бир қатор ишлар амалга оширилганлигидан ҳар қанча мамнун бўлсак арзийди.
Ўзбекистонда минглаб ижодкорлар (кўплари уюшмага аъзо эмас) – шоирлар, ёзувчилар, драматурглар, адабиётшунослар ва таржимонлар ҳам анча фаоллашиб қолди. Илгариги сукунат ўрнини қайноқ ижодий меҳнат эгаллагани қувонарлидир.
Мен эътиборингизни бошқа бир мавзуга – ҳақиқий санъат асари билан сохта, қўлбола шеърлар ўртасидаги фарқ йўқолиб бораётганлиги, макулатура шаклидаги қалбаки китоблар адабиёт мухлисларининг савиясини тушириб юбораётганлиги, бу эса ҳақли равишда халқимизнинг эътироз ва норозилигига сабаб бўлаётганлиги ҳақида сўз юритмоқчиман.
Шеър – нон каби азиз ва илоҳий неъмат. Алишер Навоий, Усмон Носир, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо яратган нодир дурдоналар халқимизнинг маънавий мулкига айланган.
Афсуски, бугунги кунда айрим таниқли ва ёш шоирлар ижодида шеърга юзаки ёндашиш, одамларнинг хоҳиш ва истагини менсимаслик, санъатдан йироқ сатрларни шеър деб аташ урф бўлиб қолганлиги ниҳоятда ташвишланарлидир. Ҳатто Ўзбекистон халқ шоири юксак унвонига сазовор бўлганлар ҳам бадиий жиҳатдан ниҳоятда бўш, риторикадан иборат ғариб мисраларни шеър, дея китобхонга тақдим этишдан уялмаяптилар.
Эътирозлар умумий сўзлардан иборат бўлиб қолмаслиги учун ўнлаб “шеър”ни эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдим.
Кел-ей, тенглик куни, қутлуғ адолат они,наврўзим!
Адолатли диёримнинг азиз меҳмони, Наврўзим!
Сочиб кел қир-адирларга бойчечак, лолақизғалдоқ,
Яшиллик истаган ернинг ўзинг бўл жони, Наврўзим!
Тақиб олсин товон ўпган сочига толпопукларни
Қоши ўсма сувин ичган элим жонони, Наврўзим!
Сумалак сайри бошлансин шаҳар-қишлоқ аро ёппа,
Ки бирдай қайнасин тўқ ошиён қозони, Наврўзим!
Баҳодир Исо (“Озод ватан саодати” тўплами, 299-бет )
Ҳаммага маълум гаплар-ку. Қани асарда сир, сеҳр?
Ўзбекистон халқ шоираси Энахон Сиддиқова эса қуйидаги “шеър”ни миллионлаб ўқувчиларга тақдим этганлигига ҳайрон бўлдим.
Аллома, орифлар қалъаси ўзбек,
Гўзал Шарқнинг гавҳар донаси ўзбек.
Жаҳон узра кетган довруқ, овози,
Эрк-у озодликнинг наъраси ўзбек.
Боболари дунёларни уйғотган,
Тулпорлари Бойчибор-у Ғиротдан,
Майдонлар-да ўн тўрт ботмон ёй тортган,
Алпомиш, Широқлар онаси ўзбек.
(“Шарқ юлдузи” журналидан).
Энахон Сиддиқова яна бир асарида Ўзбекистонни ҳароратсиз сатрлар билан мадҳ этишдан нарига ўтмаган:
Манглайимиз ярқиратган
эркдир бугун,
Ўзбекистон дунёларга
кўркдир бугун,
Бу кўнгиллар озодликка
мулкдир бу кун.
Саодатдан сочар ёғду
Ўзбекистон,
Абадият қадар мангу
Ўзбекистон.
Сарбонининг ибодати
адолатдур,
Элига бор жони нисор,
ҳимоятдур,
Йўли иқбол, йўли нури
ҳидоятдур.
Шу юрт учун фидо жоним,
жоним қурбон,
Дунё ичра тенгсиз жаннат
Ўзбекистон.
(“Китоб дунёси” газетасидан).
Нега Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ёки бошқа истеъдодли шоирларнинг Ватан мавзусидаги шеърларини ўқисангиз қалбингиз ларзага келади? Ҳамма ҳам Абдулла Орипов бўлавермайди-ку, дейишингиз мумкин. Аммо асарда бадиийлик талаби барчага бир хил эмасми?
Ҳақиқий шеър – аслини олганда олов. Уни мутолаа қилганда юрагингизда чўғ ҳосил бўлмайдими? Истеъдод нури билан яратилган асар қалбингизга ёруғлик олиб кирмайдими?
Яна бир Ўзбекистон халқ шоири, ҳатто Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг шеърият кенгаши раиси Маҳмуд Тоир ҳам оддий, эҳтироссиз ва рамзларсиз сўзлардан иборат сатрларни шеър, дея газетхонларни очиқдан очиқ лақиллатиш, алдаш йўлига ўтиб олганлиги инсофданми?
Эл озод, юрт обод,улуғ имкон бу,
Олам ҳавас қилган -Ўзбекистон бу,
Тинчинг-саодатинг,оқил сорбон бу,
Ким эдигу энди ким бўлдик, элим!
Тили бор, йўли бор бир миллат бўлдик,
Ҳеч кимдан кам эмас,зўр қудрат бўлдик,
Озод Ватан бўлдик,ҳур давлат бўлдик,
Дунё чаманида гул бўлдик, элим,
Халқ бўлдик, юрт бўлдик,эл бўлдик, элим!
Энг ташвишланарлиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси муовини Ғайрат Мажиднинг асари аслида шеър эмас. Уни ҳатто мактаб ўқувчиси ҳам ёза олади:
Халқ дардини тингласанг,
Ҳақ ҳам бўлгай ризолар,
Мард бўл мудом, ҳалол бўл,
деган Ҳазрат боболар,
Қай қалбда дарж этилса
адлу инсоф имлолар,
Қўлни бер, деяр марди
майдон берар халқдир бу.
Дам ғанимат, боғ қилгин,
чаман ўстир, юртдошим,
Юрагингда Бойчибор-
саман ўстир, юртдошим,
Жон жонингда пок иймон-
Ватан ўстир, юртдошим,
Фарзандига бахт-иқбол-
даврон берар халқдир бу.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бадиий таржима ва адабий алоқалар бўлими бошлиғи Рустам Мусурмон тизган қуйидаги сатрлар наҳотки бадиий пишиқ шеър бўлса?
Она-бола билан Ватан боғ бўлгай,
Она соғлом бўлса, бола соғ бўлгай.
Она ва боласи соғлом Ватаннинг
Боши осмон бўлгай, кўкси тоғ бўлгай.
Бу дунёда, азизим,онам дея яшаймиз,
Келажагим, умидим-болам дея яшаймиз,
Гуллаб-яшнаган бўстон, олам дея яшаймиз,
Онам дея яшаймиз, болам дея яшаймиз.
Ана шунақа тумтароқ сатрлар шеър мухлисларининг бадиий асарлардан ихлосини қайтараётир. Бунақа ҳиссиз мисралар тизиш наҳотки шеърхон қалбига чўғ бахш этса, уни ҳаяжонга солса?
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси муовини Ботиржон Эргашев эса қуйидаги қораламаларни тап тортмасдан шеър дейишдан, уни китобхонларга тақдим этишдан ор қилмаган.
Ҳилпиратар доим Ҳурлик шаббодаси,
Ранглари ҳам жаннатларга тенг, чиройли.
Бу сўзларим ғуруримнинг ифодаси-
Бизнинг байроқ ер юзида энг чиройли.
Порлар денгиз мавжларининг хаёлидай,
Кўкка учар-осмон унинг камолидай.
Ҳилпирайди мангуликнинг шамолидай,
Бизнинг байроқ ер юзида энг чиройли.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Менгнор Олламуроднинг китобидаги бу “асар”нинг чин шеъриятга дахли борми?
Тарихингда томирларингдур,
Навоий-ю Бобурларингдур-
Нури ноёб нодирларингдур...
Жон жаҳоним Ўзбекистоним.
Шон шаҳоним Ўзбекистоним.
Мен суяман Чинорларингни,
Кўксингдаги Туморларингни,
Мангу буюк бедорларингни...
Шарор жоним Ўзбекистоним,
Шаъну шоним Ўзбекистоним.
Шоир Ўзбекистонни севишини таъкидлашининг ўзигина кифоя қилмайди. Гап бошқалар айтолмаган фикрни айта олишида. Ижодкорнинг ижодкорлиги ана шунда намоён бўлади.Бунинг учун шоирда дард, қайноқ илҳом бўлиши зарур.У ўзини азоблаётган изтиробларини тўкиб солиши лозим.Токи бу дард шеърхонга ҳам юқсин.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ёрдамчиси Жўрабек Жаҳон ҳали шеър нима эканлиги ҳақида тасаввурга эга эмас. Акс ҳолда қуйидагиларни асар дея бизни алдамаган бўлур эди.
Ажойиб ўлка бу, таъриф беқиёс,
Жаннатмонанд диёр деса бўлади.
Ҳар икки болангнинг бири Эрниёз,
Бирисининг исми Муса бўлади.
Суюкли элларни синагай Оллоҳ,
Севикли бандасин йўллар сабрга.
Бирга эришгаймиз ҳушёр ва огоҳ,
Нурли манзилларга етгаймиз бирга.
Бадиий жиҳатдан ниҳоятда бўш асарлар ёзишнинг ҳадисини олган Жўрабек Жаҳон бошқа бир “шеър”ида қуруқ таъриф-тавсифдан нарига ўтмаган.
Темурбекка бериб ялов,
Дунёга кўз тиккан юрт.
Улуғларга доя бўлган,
Буюкларни туққан юрт.
Тупроғини тавоф этгил,
Гардларини кўзга сурт.
Ўзбекистон ота макон,
Ўзбекистон бобо юрт.
Бу сатрларнинг ҳақиқий шеъриятга қандай дахли бор? Шеър-санъат асари бундай енгил-елпи йўллар билан яратилмаслигини оддий ўқувчи ҳам яхши билади-ку! Илҳом булоғи қайнамаса, истеъдод бўлмаса қўлга қалам олишнинг нима зарурати бор экан? Шеър бошқа, ҳавас бошқа эмасми?
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Навоий вилоят бўлими раҳбари Баҳриддин Садриддинов ҳали бадиий жиҳатдан бўш асарни миллионлаб шеър мухлисларига тақдим этишдан уялмаган.
Улғайдимки мен бағрингда,
Отам-онам бўлдинг, Ватан.
Гар сиғинсам саҳарингдан
Менинг Каъбам бўлдинг, Ватан.
Кўҳна тарих билгунича,
Минг йил шонинг тўлгунича,
Истиқлолим келгунича,
Дилда нолам бўлдинг, Ватан.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг масъул котиби Муҳиддин Абдусамад ҳам негадир бўш шеърлар “ясаш” мусобақасида Жўрабек Жаҳон каби олдинги ўринларни ҳеч кимга бергиси келмаётир.
Ватан эскирмайди, Ватан ўлмайди,
Ватан деб шунчаки айтиб бўлмайди.
Сохта шуҳрат учун, сохта шон чун,
Жонни фидо қилгум, дея онт ичиб.
Отасин, онасин, ўзини алдаб,
Юртин дардларига бўлмасдан далда
Юрган ул-дили кўр, кўзи кўрлардан,
Юртим, ўзинг асра ватанхўрлардан.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бахтиёр Генжамурод тизган бу сатрлар мадҳиябозликдан бошқа нарса эмас.
Озодлик гаштининг виқори сенда,
Истиқлол меъморин минори сенда,
Соҳибқирон бобом шиори сенда,
Юртим куч-қудрати, адолати-сен.
Бугуним, эртамнинг бахтин тиклаган,
Дунёда тинчликнинг тахтин тиклаган,
Буюк келажакнинг вақтин тиклаган,
Шону-шавкатимнинг далолати-сен.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршиданинг қуйидаги асарини бир ўқиб кўринг.
Боғи беҳиштдин ҳусн олган ажиб бўстондир,
Сервиқор манзилларга одимлаган карвондур.
Мирза Бобур изларин асраб қадим тупроғида
Бахту иқбол қасрининг бунёдидин комрондур.
Нодира назмий навосин сеҳридин сармаст эса,
Коинот юлдузлари ичра ёруғ Чўлпондур.
Зеби-зар тупроғига жонбахш меҳр сарчашмаси
Дилдаги иймондир- кўнгулдаги паймондур.
Хуршида оддий, ташбеҳсиз, ҳеч кимни ҳаяжонга солмайдиган сўзлардан “шеър” яратишни хуш кўради.
Халқим, тегрангга боқ, ҳар ён мусаффо,
Осмон мусаффодир-замон мусаффо.
Мусаффодир диллар-виждон мусаффо.
Не бахт, томирда қон-туғён мусаффо!
Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара ёзган асар ҳам ўртамиёнадан паст. Туроғи жойида, қофияси ҳам бўлади, аммо руҳингизга озиқ бермайди.
Топганини боласига тутар эл бу,
Тунни тонгга улаб, йўлин кутар эл бу.
Ошар йиллар, асрларнинг довонидан,
Бешигида болалари омон бўлса.
Эзгу тилак тўла дилга қўнмагай гард,
Тупроғидан ниҳол унгай, ўсмагай дард,
Ниҳоллари баланд бўлгай миноридан,
Бешигида болалари омон бўлса.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Салим Ашур хом-хатала, риторик шеър ёзсам ҳам газетхонлар ўқийверади, деб ўйлайди.
Истиқлол, ҳар онинг ўтсин омонда,
Сени қуршаган бу даврон-боғ эрур.
Тарих айтадики, ҳар не замонда
Жасорат ҳам асли юксак тоғ эрур.
Не-не талотўплар кечган қасрда-
Дунёда адолат қуёш ёнликдир.
Йигирма биринчи-нотинч асрда
Ғалаба боғи –бу қаҳрамонликдир.
Турфа юлдузларга тўлар каҳкашон,
Карвонлар ўтади кечмишлар олиб.
Аждодлардан мерос буюк шавкат, шон,
Ўзбек, Ўзбекистон ҳар куни ғолиб.
Халқим юришларда музаффар бўлган,
Ҳар қадам-янгича бунёдкорликдир.
Энг буюк чўққилар муяссар бўлган,
Ғалаба-юртимга мангу ёрлиқдир.
Машҳур шоир Машраб дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама, деб беҳудага айтмаганлар.Ҳазрат ижодкор ҳеч қандай янги гапи, ўқувчига айтмаса туролмайдиган муҳим фикри бўлмаса қўлга қалам олмаслик керак, демоқдалар. Лекин бугунги “шоир”лар бу насиҳатга нечоғлик амал қилишяпти?
Шеърият мухлисларини унутиб қўйган Салим Ашур негадир шеър-илоҳий илҳом, истеъдод меваси эканлигини ҳам ҳисобга олмайди ёки ўқувчилар нима ёзсам ўқишга мажбур, деб ўйлайди. Акс ҳолда қуйидагидек тумтароқ сўзлардан иборат, инсон руҳиятига таъсир қилмайдиган, образлиликдан холи сатрларни ҳам шеър, деб ўйламаган бўлур эди.
Бир миллатни бир Ватанга жамлаган
Она тилим.
Фарзанд учун чўнг тарихлар ғамлаган
Она тилим.
Тандирларга онам ёпган иссиқ нон-
Она тилим.
Тупроқларга ташламайман ҳеч замон
Она тилим.
Ҳар ўзбекка ору номус бўлдинг сен,
Она тилим.
Ўзгаларга қиёмат дўст бўлдинг сен,
Она тилим.
Шеър сизни ҳаяжонга солмайдиган сўзлар тизмасидан иборат.
Яна энг ташвишланарлиси “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”газетасининг биринчи саҳифасида эълон қилинган. Яна энг қизиғи, бу шеърни мактаб ўқувчиси эмас, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Салим Ашур ёзган...
“Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири, шоир Ўткир Раҳмат эса шеърга алоқаси йўқ сатрларни ўқиган адабиёт мухлисларининг қимматли вақтини елга совурган.
Ўғил-қиз, опаю сингиллар хандон,
Пиру бадавлатдир отаю она.
Порлоқ саодатга лиммо-лим осмон,
Хотиржам бу кунлар қилган тўёна.
Бу бизнинг Ватандир, мисли бўз бола,
Омонлик- дастурхон ёзган маҳалдир.
Ҳар тонг хушхабардир қирмизи лола,
Умримиз мазмунин битган зарҳалдир.
Ўткир Раҳмат яна бир шеърида қуйидагиларни ёзган.
Ватан-сен кўзимсан, борсанки-ёруғ,
Ҳам оташ қалбимсан-даргоҳи юрак.
Сен нурли –истиқлол, буюк ва улуғ,
Ватан сен-онамсан
Ҳаммадан юксак...
Хаёлим ўзингсан -ният ўзингсан,
Умидим ўзингсан- бахтим- Ватаним
Агар сен бўлмасанг менга не ҳаёт,
Минг парча -парчадир
Бу жон ,бу таним...
Қизиғи шундаки, юқоридаги каби ўртамиёна, ўқувчига маънавий озиқ бермайдиган, уни ҳайратлантирмайдиган шеърларнинг айримларини “Шарқ юлдузи” журнали босиб чиқарганлигига ҳайратландим.Аслида-ку ҳайрон қолмасам ҳам бўлади. Журналнинг шеърият бўлими мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Икром Отамуроднинг ўзи ҳам юқоридаги сингари бадиий савияси паст шеърлар ёзишни қойиллатади:
Юрганда, турганда,
Бирга бўлганда,
Бир манзил,
бир йўлдан бораётган дам,
Бирга давра қуриб,
даврон кулганда,
Бир-бирин сира билмаскан одам.
Республика телевидениеси масъул ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ориф Тўхташнинг қуйида тизган сатрлари ҳатто ўртамиёна шеър дейишга арзирмикин?
“Ватаннинг ҳар хизматига тайёр тур, болам,
Мард ва жасур юрт ўғлони бўл!” дейди онам.
Тупроғингни кўзларига сураркан отам,
Сен буюксан, муқаддассан,эй, Она-Ватан!
Энг навқирон ёшга тўлди озод, ҳурлигинг,
Яна қаддинг ростлаб берди мард,мағрурлигинг,
Фарзандларинг кўзларида бахт,масрурлигинг,
Сен буюксан, муқаддассан, эй, Она-Ватан!
Жовли Хушбоқ,
адабий танқидчи











