Адлия вазирлиги хабарига кўра, эндиликда хорижий кинокомпанияларга республика ҳудудида қилган харажатларининг 20 фоизи (бироқ 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилади.

Бунда, хорижий кинокомпания республика ҳудудида фильмларни суратга олиш учун «Ўзбеккино» миллий агентлигидан рухсатнома олади ҳамда ҳамкорлик бўйича Меморандум имзоланади.

Хорижий кинокомпания республика ҳудудида фильмларни суратга олиш учун Ўзбекистондаги тижорат банкларида махсус ҳисоб рақами очади ва харажатларни шу орқали амалга оширади.

Рухсатнома муддати якунлангандан сўнг фильмни суратга олиш ишлари якунланган ҳисобланади.

Харажатларни қайтариш учун тегишли ҳужжатлар Молия вазирлигига тақдим этилади ва вазирлик томонидан 10 кун муддатда қарор қабул қилинади.

«Ўзбеккино» – хорижий кинокомпанияларга харажатлар қисмини қайтаришни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи этиб белгиланди.

Давлат бюджетидан маблағ ажратилган хорижий кинокомпаниялар рўйхати агентлик веб-сайтига жойлаштирилади.