Иштирокчиларни баҳолаш компанияларнинг фаолияти, рақамлар тафовути бўйича келиб чиқаётган зиддиятлар, банкротликдаги ҳолатлар кўпроқ қизиқтирди. Баҳолаш фаолиятини лицензиялаш ва риэлторларни сертификатлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аркадий Матяшиннинг маълум қилишича, Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча баҳоловчи компаниялар нодавлат ҳисобланади ва уларнинг ҳисоб-китоблари тавсиявий характерга эга.
Kun.uz мухбирининг «бундан 15-20 йиллар аввал хусусийлаштирилган мулклар бўйича қарорлар қайта кўриб чиқилаётгани, айримлари барча инвестициявий мажбуриятлар бажарган бўлсада, тортиб олинаётганини қандай изоҳлайсиз?» деган саволига Инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторинги бошқармаси бошлиғи в.б. Сардор Жумаев шундай жавоб берди:
– Бундай ҳолатлар афсуски бор ва улар давлатимизнинг халқаро имижига салбий таъсир қилиши мумкин. Шуни расман таъкидламоқчиманки, агентлигимизнинг айни масаладаги позицияси қатъий – бу борада ортга йўл бўлмаслиги, хусусийлаштирилган мулклар масаласи қайта кўрилмаслиги шарт. Ҳатто шундай ҳолатлар билан боғлиқ суд жараёнларига ўз ҳуқуқшуносларимизни юбориб, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрмиз.











