Амалдаги қонунчиликка кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидан ташқари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 апрелдан 1 июнга қадар табиатда балиқ овлаш тақиқланади, юқоридаги икки ҳудудда эса бу муддат – 25 апрелдан 10 июнгача.
«Бу оралиқ муддат – балиқларнинг кўпаядиган даври, бу пайтда табиий ҳавзаларда балиқларга антропоген таъсир бутунлай тақиқланади», – деди «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси бўлим бошлиғи Камолхўжа Исмоилхўжаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Шунингдек, мутасаддининг қўшимча қилишича, балиқчиликда айнан ҳозир – браконьерлик энг авж олган пайтдир.
«Бу даврда ҳамма балиқ турлари икра ташлаш учун қирғоққа чиқади. Балиқлар илиқроқ, кислород сероб бўлган саёз жойларга чиқиб, ўт-ўланларга уруғ ташлайди. Уларда бу пайтда фаоллик ҳам пасаяди, қўлга тушириш анча осонлашиб қолади.
Браконьерлар эса айнан шундан – балиқларнинг икра қўйиш пайтидаги пассивлигидан фойдаланишади. Улар саёзликка чиқадиган балиқларни калтаклар билан кутиб туришади», – дейди Исмоилхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ интернетда бир гуруҳ балиқчилар Тошкент денгизида 35 килограммлик балиқ овлагани суратлари тарқалган, бунинг ортидан келиб чиққан шов-шувларга «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси муносабат билдириб, ушбу балиқчиларни браконьерликда айблаган эди.











