Ўзбекистон президентининг “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда минерал ўғитлар нархларининг кескин ўзгариши хавфини ҳамда пахта хомашёси ва ғалла қийматига таъсирининг олдини олишни ҳисобга олган ҳолда минерал ўғитларга бўлган нархларни шакллантиришнинг бозор механизмларини жорий этиш, шунингдек, минерал ўғитларни сотиб олиш учун биржа савдоларида барча иштирокчилар (харидорлар) учун тенг шароитларни таъминлаш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ТИФ ТН бўйича 4011 ва 4012 коди билан импорт қилинадиган автомобиль ва қишлоқ хўжалиги шиналарига божхона божларининг аралаш ставкаси жорий этилди.
Ўзбекистон президентининг 2017 йил 23 августдаги “2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.
Шунингдек, қарорга мувофиқ кимё тармоғида ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.











