БМТ расмий хабарига кўра, якшанба куни Ҳудойда шаҳрига берилган авиазарбалар шаҳар аҳолисини тоза ичимлик сув таъминотидан маҳрум этган. 

Қизил денгиз яқинидаги ушбу шаҳарда 600 мингдан ортиқ фуқаро истиқомат қилади. Порт шаҳар мамлакатда гуманитар ёрдам кутиб яшаётган 22 миллион аҳоли, тиббий ёрдамга муҳтож 8 миллион кишининг ягона нажот йўли ҳисобланади. 

Йил бошидан буён шаҳар коалиция ҳарбий кучлари назоратида бўлиб келганди. Саудия Арабистони расмийлари айнан Ҳудойда орқали Эрон ҳусийлар гуруҳига қурол-яроғ етказиб бераётганини иддао қилган. Эрон ҳам, ҳусийлар гуруҳи ҳам бундай айбловни кескин рад этганди.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони 26 июль куни  нефть ташувини Қизил денгиздаги Боб ал-Мандиб орқали амалга оширмай туришини маълум қилганди. Бунга Ямандаги ҳусийлар ҳаракати аъзолари ҳужум қилган, деб кўрилаётган Саудияга тегишли иккита нефть ташувчи катта танкерларнинг ҳалокатга учрагани сабаб бўлмоқда. 

Шундан кейин, араб коалицияси Сана шаҳри шимолидаги халқаро аэропорт ва авиабазага олтита зарба берди.​