Эслатиб ўтамиз, ушбу “Ҳукумат болалар нигоҳида” лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳанинг мақсади, ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг тадбиқ этиш ишларининг мантиқий давоми бўлиб, болажонларда “Давлат” ва “Ҳукумат” ҳақида тасаввурлар, Ўзбекистон ҳақида умумий тушунчалар, ҳамда болажонларнинг ҳуқуқий билимларини шакллантиришга ҳизмат қилади.

Мазкур “Ҳукумат болалар нигоҳида” веб-сайти Ўзбекистон Республикасидаги юртимизда ишлаб чиқилган шу туркумдаги илк лойиҳа ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш Вазирлиги раҳбарлигида «Ўзинфоком» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилнинг 13 июнида ишга туширилган.

Шунингдек, ушбу веб-сайтда Ўзбекистон Республикаси ва ҳукумат тузилиши ҳақида умумий маълумотлар содда матнлар ва расмлар ёрдамида тасвирлаб берилган бўлиб, ундан бошланғич синф ўқувчилари дарс жараёнида фойдаланишлари ҳам мумкин.

Умид қиламизки, мазкур веб-сайт кичик фойдаланувчиларга манзур бўлиб, уларнинг “Давлат” ва “Ҳукумат” тўғрисидаги билим ва тушунчаларини оширишга хизмат қилади.