Володимир Зеленский генерал Михаил Драпатийни Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони этиб тайинлади. У бу лавозимда сиёсий инқироз фонида истеъфога чиқарилган генерал Олександр Сирскийни алмаштирди: аввалроқ мудофаа вазири, ўтган ҳафта истеъфога чиқарилган Михаил Федоров Сирскийни интрига қилишда ва армиядаги ислоҳотларга тўсқинлик қилишда айблаганди. Киев ва Украинанинг бошқа йирик шаҳарларида Федоров ҳимояси учун намойишлар ўтказилди – норозилик акциялари иштирокчилари Украина қуролли кучлари бош қўмондони Сирскийнинг истеъфосини ҳам талаб қилишди. Украиналик журналист Константин Скоркин Михаил Драпатий ҳақида нималар маълум экани ва унинг бу лавозимга тайинланиши – шунчаки Федоровнинг истеъфосига қарши чиққанлар учун ён бериш эмаслиги ҳақида ҳикоя қилди.
Зеленский 21 июл куни генерал Олександр Сирскийни истеъфога чиқаргани ҳақидаги баёнотида унга қилган хизматлари учун миннатдорчилик билдирди. Ва унинг ўрнига келадиган янги бош қўмондон, Михаил Драпатий билан Украина қуролли кучларининг келгусидаги устувор йўналишларини белгилаб олганини айтди.
Улар орасида Россиянинг фронторти ҳудудларига зарбалар, Украина осмонини Россия қуролли кучлари ҳужумлари учун ёпиш ва сафарбарлик механизмларини такомиллаштириш кабилар бор.
Сўнгги кунларда Зеленский армия қўмондонлиги вакиллари билан учрашиб, бош қўмондонлик учун номзодларни саралади. Бирлашган кучлар қўмондони лавозимида ишлаб келган генерал Драпатий энг эҳтимолий номзодлар қаторида эди.
2014 йилда Михаил Драпатий майор сифатида Донбассда жанг қилган. 2022 йилга келиб у аллақачон бригада генералига айланганди
43 ёшли Михаил Драпатий украин ҳарбийларининг янги авлодига мансуб – улар совет қуролли кучларида хизмат тажрибасига эга эмас ва карьерасини мустақил Украина армиясида бошлаган. Драпатий мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг ёш бош қўмондон бўлади. Унгача бундай мақом 48 ёшида ушбу лавозимни эгаллаган Валерий Залужнийда эди.
Михаил Драпатий 1982 йилда Украина ғарбида, Хмелницкая областининг Каменец-Подолский шаҳрида туғилган. 2004 йил Харкив танк қўшинлари институтини тамомлагач, ҳарбий фаолиятини лейтенант унвонида Киев областининг Белая Церков шаҳридаги 72-алоҳида механизациялашган бригадада бошлаган.
2014 йил баҳорида Донбассда айирмачилик ҳаракати бошланганида 72-бригада Мариупол атрофига ташланганди. Драпатий бу вақтда майор унвонида бригаданинг 2-баталёни командири эди. Ўзини ўзи эълон қилган ДХР тарафдори бўлган отрядлар ушбу шаҳарни эгаллаб олганди ва 2014 йил 9 май куни майор Михаил Драпатий раҳбарлигидаги баталёнга айирмачилар қўлига ўтган полиция маҳкамасини қайтариб олиш амалиётига кўмаклашиш бўйича топшириқ берилади.

Sandro Maddalena / NurPhoto / Corbis / Getty Images

Ali Atmaca / Anadolu Agency / Getty Images
Ҳарбий амалиёт бошлангач, Драпатий бошқарувида бўлган ва танклар колоннаси бошида ҳаракатланган БМП (жанговар ҳарбий машина) айирмачилар Мариупол кўчаларидан бирига ўрнатган баррикадани бузиб ўтади. Ушбу ҳолат гувоҳлардан бири томонидан видеога олинади ва интернетда вирусдек тарқалиб, Украина шарқида бошланган уруш рамзларидан бирига айланади.
«Механик-ҳайдовчи қаршимизда бир метрдан баландроқ баррикада борлигини айтиб, нима қилишни сўради. Мен эса штурм қилишимизни айтдим. Бу видео бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетди», – дея хотирлаган бу воқеани кейинроқ Драпатий «Армия FM» учун берган интервюсида.
Ўшанда украин қўшини ўтказган амалиёт муваффақиятсиз тугаган: Мариупол 2014 йил июнига қадар айирмачилар қўлида қолган, бир ой ўтибгина «Азов» ва «Днепр-1» баталёнлари уларни шаҳардан сиқиб чиқарган.
2014 йил июн ойи бошида Драпатий бошчилигидаги баталён Россия-Украина чегарасидаги амалиётда иштирок этади. Бу амалиётнинг мақсади – Россиядан айирмачиларга таъминот йўлини тўсиб қўйиш эди. Украин ҳарбийлари Россия армияси томонидан ўққа тутилади ва Изварино қишлоғида қуршовга тушиб қолади, у ердан оғир жанглар билан чиқишга тўғри келади.
Кейинроқ Драпатий бу воқеани шундай эслайди:
Шундай кунлар бўлдики, бизни етти соатлаб ҳар хил артиллерия ва миномётлардан тинимсиз ўққа тутишди. Кучлар тенг эмасди, ёрдам етиб келмасди, ўқ-дорилар тугаб борар, техникаларнинг деярли ҳаммаси ишдан чиққанди. Шундан сўнг бўлинмалар ёриб ўтишга киришди. Ҳамма ҳам чиқа олмади, ёриб ўтганлар эса ҳақиқатан ҳам қаҳрамон бўлишди.

Фото: годаpodrobnosti.ua
Якунда унинг бошчилигидаги украин гуруҳи қуршовни ёриб ўтади ва асосий кучларга келиб қўшилади. Украин ҳарбийлари жанговар техникаларнинг катта қисмини сақлаб қолишга эришади.
Ўшанда Россия таъсиридаги кучлар Украина қуролли кучларига қуршовдан чиқиш учун «яшил йўлак» таклиф қилганди (бу ҳолда қурол ва техникаларни ташлаб чиқишга тўғри келган бўларди). Аммо Драпатий жанг орқали чиқишга қарор қилади.
Кейинги воқеалар у тўғри қарор қабул қилганини кўрсатди: 2014 йил августида Иловайск яқинида худди шундай ҳолатга тушиб қолган украин гуруҳи душманнинг ваъдасига ишонади ва қуршовдан чиқаётганида маккорларча ўққа тутилади. Владимир Путин ўшанда «украиналик ҳарбийлар айирмачилар томонидан тақдим этилган паузадан ҳарбий ҳаракатни давом эттиришда фойдалангани»ни айтганди.
Изваринодаги қаҳрамонликдан кейин Драпатийга подполковник унвони берилади. У маълум вақт Киев миллий мудофаа университетида таҳсил олади, аммо 2016 йилда аксилтеррор амалиёт зонасига (АТО) қайтади: аввалига 30-алоҳида механизациялашган бригада штаби бошлиғи сифатида хизмат қилади, кейинчалик 58-алоҳида мотопиёдалар бригадаси қўмондонига айланади (у бу бригадани 2019 йилга қадар бошқаради, Авдийивкада ва Бахмут трассасида муҳим вазифаларни бажаради).
2019 йилда муддатидан олдин полковник унвонини олади, 2021 йилда Миллий мудофаа университетининг энг яхши битирувчиси сифатида Британиянинг Queenʼs Sword ҳарбий мукофоти билан тақдирланади. Мукофотни унга Буюк Британиянинг ўша вақтдаги элчиси Мелинда Симмонс томонидан топширилади.

Melinda Simmons / X (Twitter)
2021 йил августида Драпатий Украина қуролли кучлари Бирлашган кучлари (Донбассдаги ҳарбий гуруҳ) қўмондони ўринбосари этиб тайинланади. У қўшинлар тайёргарлигига масъул бўлади ва ўша йили бригада генерали унвонини олади.
Драпатий 2022 йилги кузги қарши ҳужумда ўзини кўрсатганди. Кейин эса унинг номига доғ тушади
Кенг кўламли уруш бошлангач, Михаил Драпатий «Жануб» оператив қўмондонлигига бошлиқ бўлади. Унинг қўшинлари президент Зеленский туғилган юрт, Кривий Риҳни Россия юришидан мудофаа қилади.
2022 йил августе – ноябр ойларида Драпатий Украина қуролли кучларининг Херсон шаҳри ва шу номли областнинг Днипро дарёси ўнг соҳилидаги қисмини озод этиш учун ўтказилган муваффақиятли амалиёт раҳбарларидан бири бўлади. Украина мудофаа вазирлиги Драпатийнинг Херсон учун жангдаги хизматларини юксак баҳолаган.
2024 йил февралида Драпатийни Украина қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари этиб тайинлашади.
Россия армиясининг Харкив областига уюштирган янги юриши вақтида, 2024 йилнинг май – сентябр ойларида, генерал Драпатий «Харкив» оператив-тактик қўшинлар гуруҳи бошлиғи эди, гуруҳ унинг бошчилигида Россия армияси юришини тўхтатади.
Харкив йўналишида фронт барқарорлашгач, сентябр – ноябр ойларида Драпатий Донбасс фронтининг бир қисми учун масъул бўлган «Луҳанск» қўшинлар гуруҳини бошқаради. Шу вақтда у генерал-майор унвонини олади.
Ушбу ҳарбий амалиётлардаги иштироки Драпатийнинг армиядаги обрўсини кўтаради. Унинг қўл остидагилар «Украинская правда» билан суҳбатда уни аскарлар ҳаётини эҳтиётловчи ва йўқотишларни имкон қадар камайтириш учун барча ишни қиладиган қўмондон сифатида таърифлашган.
2024 йил ноябрида генерал Драпатий Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондонига айланади (ундан олдинроқ ушбу лавозимда ишлаган генерал Олександр Сирский ўша йил бошида бош қўмондон лавозимига ўтганди).
Аммо 2025 йил ёзида Драпатий истеъфо беради. У Суми областидаги ўқув полигонида ҳарбийлар ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Ўшанда машғулот вақтида полигонга Россия «Искандер» ракетаси билан зарба берган, натижада 12 киши ҳалок бўлганди. Ўшанда Драпатий «мавжуд вазиятни ўзгартира олмагани» учун ўзини айблаган.
Лекин икки кун ўтиб генерални Украина қуролли кучлари Бирлашган кучлари қўмондонлигига тайинлашади – бу Украина қўшинларининг қўшма операцияларини режалаштириш ва ўтказиш учун масъул бўлган стратегик даражадаги ҳарбий бошқарув органидир. Расман Драпатий армияда бош қўмондон ва Бош штаб бошлиғидан кейинги учинчи одамга айланади.
Ўша вақтда Мудофаа вазирлигини бошқарган Рустем Умеров Драпатий «100 фоиз фронт билан машғул бўлиш» ва «фақат ҳарбий масалаларга эътибор қаратиш» учун Бирлашган кучлар қўмондони этиб тайинланганини маълум қилади. Генералнинг ўзи тайинловни «президент билан узоқ суҳбатдан сўнг» қабул қилганини айтади.
2025 йил октябрида Михаил Драпатий Харкив йўналиши ҳимояси учун масъул бўлган Бирлашган кучлар гуруҳи бошлиғи этиб тайинланади. Амалда генерал ваколатлари торайишини англатган бу ўзгариш Украина матбуотида Драпатий ва бош қўмондон Сирский ўртасидаги зиддият билан боғланганди. Хабарларда Сирский ушбу машҳур қўмондон келгусида ўзининг ўрнига даъвогар бўлишидан чўчиганига ишора қилинади.
Сирский ва мудофаа вазири Федоров ўртасидаги можарода генерал Драпатий ўз адашини қўллади
2026 йил январ ойида Украина қуролли кучларига янги мудофаа вазири Михаил Фёдоров келиши билан, биринчи навбатда, техник модернизация соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.
Генерал Драпатий ислоҳотлар тарафдори эди, бош қўмондон Сирский эса Федоров билан зиддиятга борди (охир-оқибат президент Зеленский бундай можаро чиққанини тан олди; Сирскийнинг ўзи буни рад этди).
Федоров ва Драпатийнинг ҳамкорлиги армия раҳбариятида норозилик уйғотди. Собиқ вазирнинг сўзларига кўра, у генерал Сирскийдан бир неча марта ҳайфсан олган. Можаро Фёдоровнинг истеъфоси билан якунланди, бу эса сиёсий инқирозга сабаб бўлди. Драпатий, ўз навбатида, ишдан бўшатилган мудофаа вазирини очиқ қўллаб-қувватлаган кам сонли юқори мартабали ҳарбийлардан бири бўлиб чиқди.
Ҳукумат инқирози ва украинларнинг Федоров истеъфосига қарши норозиликлари фонида Зеленский юқори мартабали ҳарбийлар билан бир неча учрашувлар ўтказиб, армия ва фронтдаги вазиятни аниқлаштириб олди. Бу Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони лавозимига кастингга ўхшарди. Бир неча юқори мартабали ҳарбийлар генерал Сирскийни ҳимоя қилишган, аммо намойишчилар унинг истеъфосини талаб қилишда давом этаётганди.

Фото: Svet Jacqueline / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
21 июл куни президент Зеленский Олександр Сирскийни истеъфога чиқариш ва Михаил Драпатийни Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорини эълон қилди.
Драпатий Зеленскийга билдирилган ишонч учун, Сирскийга эса «Украина армиясини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлари учун» миннатдорчилик билдирди. Истеъфога чиқаётган генерал, ўз навбатида, ворисига «ҳужум қилаётган» армия қолдираётганини айтди.
«Рейтинг» гуруҳи ўтказган сўровномага кўра, Сирскийнинг истеъфосини украинларнинг 55 фоизи маъқуллаган (сўралганларнинг 72 фоизи эса мудофаа вазири Федоровнинг истеъфосига қарши чиққан).
Михаил Драпатий аллақачон дастлабки тайинловларни амалга оширди. Генерал-майор Игор Скибюк Бош штабнинг янги раҳбари бўлди, у бунгача десант-штурм қўшинларига қўмондонлик қилган. У 2022 йилда Драпатий билан бирга Херсонни озод этиш учун бирга жанг қилган.
Собиқ бош қўмондон Валерий Залужний (ҳозирда – Украинанинг Лондондаги элчиси) янги бош қўмондонга «жуда қийин бўлиши»ни айтди: «[Драпатийга] у тасаввур қилганидан анча қийин бўлади. Бироқ Михаил энди ҳеч қачон уялмаслиги аниқ. Ор-номусли одамнинг қўрқадиган одами бўлмайди, шунинг учун унинг йўқотадиган нарсаси йўқ. Унинг бор-йўғи – фақат бурчдир».
Собиқ мудофаа вазири Михаил Федоров Драпатийни «бир қултум тоза ҳаво ва янги умид манбайи» деб атаган.

Ukrainian Presidential Press Office / AP / Scanpix / LETA
Драпатийнинг номзоди президент офиси раҳбари Кирилл Буданов томонидан қўллаб-қувватланган. Украиналик политолог Володимир Фесенко бош қўмондон алмашиши юзасидан берган изоҳида Сирскийнинг кетиши ва Драпатийнинг келиши – шунчаки жамоатчилик норозилигига ён бериш эмас, балки «Украина қуролли кучлари бош қўмондонлиги учун кам сонли номзодлар орасида Драпатий нисбатан энг муносиби эканини холисона тан олиш» эканини таъкидлади.












