«Ижтимоий иш тўғрисида»ги ЎРҚ–1159-сонли қонун 2026 йил 23 июлда қабул қилинди. Ҳужжатнинг асосий мақсади ижтимоий иш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдан иборат.

Қонунга мувофиқ, ижтимоий иш ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг имконият ва салоҳиятини оширишга кўмаклашадиган, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамни ривожлантириш орқали жамиятда ижтимоий ўзгаришларга хизмат қиладиган касбий фаолият сифатида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, ижтимоий иш тиббиёт, таълим, ижтимоий ҳимоя, бандлик, суд ва ҳуқуқ-тартибот ҳамда жазони ижро этиш соҳаларида ташкил этилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мазкур соҳадаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган.

Шунингдек, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам бирламчи, ихтисослашган ва юқори ихтисослашган даражаларга ажратилади. Улар фуқароларнинг яшаш жойида, маҳаллада, ижтимоий хизмат кўрсатувчи муассасаларда, шу жумладан стационар муассасаларда ҳамда интернет орқали тақдим этилиши мумкин.

Қонунга мувофиқ, ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш учун ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ёки унинг қонуний вакилининг мурожаати, шунингдек, хизмат кўрсатиш шартларига берган розилиги асос бўлади.

Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишда қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди.