Полшанинг оммабоп Wnp ахборот портали Ўзбекистоннинг транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда Тошкентда қурилиши режалаштирилган янги халқаро аэропорт лойиҳасига бағишланган мақола эълон қилди.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон ўзининг Марказий Осиёдаги қулай географик жойлашувидан фойдаланиб, мамлакатни халқаро авиация ва логистика ҳабига айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Мақолага кўра, пойтахтдан 24 километр узоқликда жойлашадиган янги халқаро аэропорт қурилиши келгуси беш йил ичида якунланиши режалаштирилган.

Янги аэропортнинг дастлабки қуввати йилига 20 миллион йўловчи ва 129 минг тонна юкка хизмат кўрсатишни ташкил этади. Лойиҳада келажакда ушбу қувватни икки баробарга ошириш имконияти ҳам назарда тутилган.

Қиймати қарийб 3 миллиард еврога баҳоланаётган лойиҳа давлат мулки сақлаб қолинган ҳолда, Саудия Арабистонининг Vision Invest, Япониянинг Sojitz Corporation ва Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум томонидан амалга оширилади.

Полша нашри хулосасига кўра, Ўзбекистонда авиация соҳасини либераллаштириш, хусусий авиакомпанияларни жалб этиш ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар мамлакатни минтақанинг муҳим авиация ва логистика марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилмоқда.