Мутахассислар таъкидлашича, никоҳ шартномаси бўлажак эр-хотин ёки никоҳда бўлган шахслар ўртасидаги мулкий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади.
Амалдаги тартибга кўра, никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилгунига қадар ҳам, никоҳ расмийлаштирилганидан кейин ҳам тузилиши мумкин.
Агар шартнома никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилишидан олдин имзоланган бўлса, у никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб юридик кучга киради.
Шунингдек, никоҳ шартномаси фақат ёзма шаклда тузилиши ва нотариус томонидан тасдиқланиши лозим. Нотариал тасдиқланмаган шартнома қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб бермайди.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг мол-мулки, ундан фойдаланиш, уни тасарруф этиш ҳамда бошқа мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини олдиндан белгилаш имконини беради.











