Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Омонулла Файзиев Россияда мигрантлар учун мобил телефон харид қилиш мажбурий қилинаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
“Россия Федерациясига келаётган барча чет эл фуқаролари мажбурий тарзда махсус мобил телефон харид қилиши ҳақида тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмайди. Ҳозирги вақтда ушбу масалага оид қонун лойиҳаси муҳокама босқичида бўлиб, у ҳали қабул қилинмаган.
Шунингдек, қонун лойиҳасида назарда тутилган нормалар барча чет эл фуқароларига эмас, балки мобил қурилмага эга бўлмаган ёки “Амина” иловасини ўрнатиш ва ундан фойдаланишни техник жиҳатдан қўллаб-қувватламайдиган мобил қурилмалардан фойдаланувчи шахсларга нисбатан татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Шу боис, барча фуқаролар мажбурий тарзда махсус мобил телефон сотиб олиши шартлиги ҳақидаги талқинлар нотўғри эканлигини маълум қиламиз”, – деди Файзиев.
Аввалроқ Россия ички ишлар вазири ўринбосари Игор Зубов Россияга узоқроқ муддатга келган мигрантлар рўйхатдан ўтишда телефон сотиб олиши шарт бўлишини айтганди.
“Келажакда нима бўлиши, қаёққа кетаётганимиз ҳаммага қизиқ. Бу ерга, айниқса, ишлаш ёки узоқ муддатга келган ҳар бир мигрант рўйхатдан ўтишда телефон сотиб олиши шарт бўлади. Бу телефонда унинг электрон профили жойлашади. Ва биз ҳар бир мигрантнинг қаердалигини билиб турамиз”, деганди у.











