Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси томонидан Бош прокуратура ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Ургут тумани прокурори ўринбосарининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.
Тергов материалларига кўра, у Паст Дарғом тумани прокуратурасида фаолият юритган даврида хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳаллий масъулияти чекланган жамият томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлатга етказилган 2 миллиард 887 миллион сўм зарар миқдорини 805,9 миллион сўмгача камайтириб бериш эвазига воситачилар орқали 6,5 минг АҚШ доллари ва 35 миллион сўм олгани аниқланган.
Шунингдек, у мазкур МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида зарар миқдорини 150–200 миллион сўмгача камайтириш ҳамда суд органларидаги танишлари орқали енгилроқ жазо тайинланишига ёрдам беришини айтиб, корхона эгасидан яна 15 минг АҚШ доллари талаб қилгани маълум қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан прокурорнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланди. Айни пайтда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.











