Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Қашқадарё сув таъминоти» АЖнинг ичимлик суви тизими назорат бўлими мутахассиси С.М. фирибгарликда гумонланиб ушланди.

Терговга қадар текширув материалларига кўра, у хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро Х.Б.дан унинг ўғли Н.Б.га нисбатан ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланганлик бўйича расмийлаштирилган далолатномани судга юбормаслик, шунингдек, қайта ҳисоб-китоб қилиб зарарни бекор қилишни ваъда қилган.

Бунинг эвазига мутахассис 1,2 миллион сўмни ўзининг банк пластик картасига ўтказиб олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давомида мазкур маблағ процессуал тартибда қайтарилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.