Адлия вазирлиги тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги йўриқномани давлат рўйхатидан ўтказди.
Ҳужжатга мувофиқ, тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 ноябрдаги 738-сон қарори асосида тақдим этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ягона талаблар белгиланди.
Шунингдек, ҳужжатлар электрон ахборот тизими орқали тақдим этилганда уларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш, тан олиш ёки рўйхат маълумотларига ўзгартириш киритиш ҳамда гувоҳнома муддатини узайтириш учун юборилаётгани алоҳида кўрсатилади.
Йўриқномада тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини халқаро IMDRF ва GHWP талаблари билан уйғунлаштириш ҳам назарда тутилган.
Маркировка матнида тиббий жиҳознинг номи, товар белгиси (агар мавжуд бўлса), тўплам таркиби, ишлаб чиқарувчининг номи ва юридик манзили, ишлаб чиқарувчи давлат, ишлаб чиқарилган сана, яроқлилик муддати, сақлаш шартлари ҳамда партия ёки серия рақами кўрсатилиши шарт.
Бундан ташқари, стерил тиббий жиҳозларда STERIL ёзуви, стерилизация усули ва мувофиқлик белгиси акс эттирилиши лозим. Агар тиббий жиҳоз бир марта фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса ёки уни қўллашда чекловлар мавжуд бўлса, бу ҳақдаги маълумотлар ҳам маркировкада албатта кўрсатилиши белгиланди.










