Фармонга кўра, 2027 йилдан Ҳисоб палатасининг давлат ташқи аудити фаолиятида бир қатор янги механизмлар жорий этилади.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида қўлланаётган сунъий интеллект технологияларининг самарадорлигини баҳолаш учун махсус аудит тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси сўровига тақдим этилган ҳужжатлар, электрон ҳужжат алмашинуви тизими ва ахборот платформаларига масофавий уланиш орқали ташқи аудит ўтказиш амалиёти жорий этилади.

Фармонга асосан, хавф-хатарлар таҳлилига таянган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларида молиявий, мувофиқлик ҳамда самарадорлик аудити йўналишларида ахборот технологиялари аудити ҳам амалга оширилади.

Ҳисоб палатаси мазкур йўналишларда ахборот технологиялари аудитини ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади.

Шунингдек, 2028 йил 1 сентябрдан бошлаб мувофиқлик аудитини сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тизими босқичма-босқич жорий этилади.