Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, ҳодиса куни кеча соат 12:27 да содир бўлган. Тошкент вилояти ФВББга Бўстонлиқ тумани Новобод маҳалласи ҳудудида жойлашган далаҳовлиларидан бирида фуқаронинг қудуққа тушиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган.

Хабар асосида ФВВ қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, махсус қутқарув ишларини амалга оширган. Натижада қудуққа тушиб кетган фуқаро соғ-омон олиб чиқилиб, шифокорлар назоратига топширилган.

Маълум қилинишича, ҳозирда фуқаронинг аҳволи яхши.