Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотига кўра, 4 июл куни соат 04:26 да Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Тошкент ҳалқа автомобил йўли кўчасида жойлашган Ўрикзор бозоридаги дўконда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг қутқарув бўлинмалари соат 04:35 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 04:48 да қуршаб олинган ва соат 05:01 да тўлиқ бартараф этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида озиқ-овқат дўконининг 150 квадрат метр майдони ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.











