Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров фермерни ҳақорат қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Daryo.uz хабар берди.
Хабарда айтилишича, аудиоёзувда Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров экани тахмин қилинаётган шахс фермерлар билан ўтказилган йиғилишда улардан бирини ҳақорат қилган. У ерни мажбуран топширишга кўрсатма бергани эшитилади.
“Эй сен, к.., гаплашгинг келмаяптими мен билан? ...қа ўйин қиляпсанми? 3 кундан бери ахтараман сени, топилмайсан. ... тиқиб қўяйми ҳозир?! Тиқилгинг келяптими?”, деган амалдор фермер билан суҳбатда.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳ бериб, ҳолатга аниқлик киритиш учун хизмат текшируви тайинланганини маълум қилган.
Маълумот учун, Ҳалимжон Умаров 2021 йил февралидан Қува тумани ҳокими лавозимида ишлаб келади. Бунгача у Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлган.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерларни қўпол ҳақоратлаб, ҳатто онасидан сўкканди. Ҳолат ўз тасдиғини топиб, ҳокимга ҳайфсан берилганди.











