Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда жисмоний шахсларга тегишли 4 миллион 903,1 мингта автотранспорт воситаси рўйхатга олинган.

Автотранспорт воситаларининг асосий қисмини енгил автомобиллар ташкил этади. Уларнинг сони 4 миллион 552,3 минг донани ташкил қилиб, умумий автопаркнинг 92,8 фоизига тенг бўлган.

Шунингдек, аҳоли тасарруфида 330,3 мингта юк автомобили, 7,5 мингта микроавтобус, 7,2 мингта махсус транспорт воситаси ва 5,8 мингта автобус мавжуд.

Статистика маълумотларига кўра, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан аҳолига тегишли автотранспорт воситалари сони 344,6 мингтага ошган. Бу эса мамлакатда автомобилларга бўлган талаб юқорилигича қолаётганини кўрсатади.

Мутахассислар фикрича, автотранспорт воситалари сонининг ўсиши аҳоли мобиллиги ошиши билан бирга шаҳарларда транспорт оқимини тартибга солиш ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга бўлган эҳтиёжни ҳам кучайтирмоқда.