Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда тижорат банкининг банк хизматлари маркази бошлиғи Р.С. ушланди.
Маълум бўлишича, у тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит сўраб мурожаат қилган фуқаро Ф.Р.нинг ишончига кириб, 2,5 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиб бериш эвазига кредит суммасининг 5 фоизи — 125 миллион сўмни олдиндан беришни талаб қилган. У мазкур маблағ ҳисобидан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунингдек, департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда яна бир тижорат банкининг банк хизматлари маркази бошлиғи Д.И. ҳам ушланган.
Терговга қадар текширув материалларига кўра, у D.D. МЧЖ раҳбарига 75 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи ажратиб бергани эвазига олган 2 150 АҚШ долларининг бир қисми — 10,7 миллион сўмни қайтариб бераётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











