Ўзбекистонда капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартиби соддалаштирилди.

Марказий банк бошқарувининг 2 июн куни қабул қилиниб, 15 июнда рўйхатдан ўтказилган қарорига асосан, 2026 йил 17 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон резидентлари айрим ҳолатларда хорижга инвестиция мақсадида пул чиқариш учун олдиндан алоҳида рухсат олиши талаб этилмайди.

Хусусан, жисмоний шахслар бир календар йил давомида 10 000 АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлмаган суммада чет элда инвестиция фаолиятини амалга ошириши, яъни чет элдаги корхоналарнинг устав капиталини шакллантириш ёки улушли иштирок этиши (компания акциясини сотиб олиши) мумкин.

Бунда, жисмоний шахслар томонидан чет элдаги брокерлик ёки инвестиция ҳисобварақларини тўлдириш учун пул маблағларини ўтказиш 18.12.2025 йилдаги ПФ-254-сон президент фармонига мувофиқ фақат тегишли лицензияга эга инвестиция воситачилари иштирокида амалга оширилади.

Бундан ташқари, бир календар йил давомида давлат улуши мавжуд корхоналар ва уларнинг шуъба ташкилотлари 100 000 АҚШ доллари, давлат улуши мавжуд бўлмаган корхоналар эса 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлмаган суммада чет элда инвестиция фаолиятини амалга оширишига ҳам рухсат этилмоқда. Гап – чет элдаги корхоналарнинг устав капиталини шакллантириш ёки улушли иштирок этиш, чет элда филиаллар, ваколатхоналар ва савдо уйлари фаолиятини ташкил этиш ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, бир календар йил давомида давлат улуши мавжуд корхоналар ва уларнинг шуъба ташкилотлари 50 000 АҚШ доллари, давлат улуши мавжуд бўлмаган корхоналар эса 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан юқори бўлмаган суммада чет элдаги ўз филиаллари ва ваколатхоналарини айланма маблағлар билан тўлдириш ҳуқуқига эга бўлади.

Резидентлар чет элдаги инвестиция фаолияти бўйича маълумотларни ҳар чоракда хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этиши лозим. Резидентлар томонидан чет элдаги инвестиция фаолияти тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этилмаган тақдирда, уларнинг ушбу турдаги кейинги операциялари тўхтатиб турилади.