Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса 16 июн куни тунги вақтда Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида юз берган. Чорраҳада ҳаракатланаётган Lacetti ҳамда қарама-қарши томондан келаётган BYD автомобили ўртасида кучли тўқнашув содир бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларига кўра, BYD автомобилини вояга етмаган шахс бошқарган бўлиб, у ҳайдовчилик ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлмаган.
Тўқнашувнинг кучли зарбаси оқибатида Lacetti автомашинасида бўлган уч нафар шахс оғир жароҳатлар олган ва уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Воқеа жойидаги тасвирларда автомобилларга жиддий шикаст етгани ҳамда йўл инфратузилмасининг айрим қисмлари зарар кўрганини кўриш мумкин.
Мазкур ҳолат бўйича транспорт ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда мутахассислар ҳодиса сабаблари ва унга олиб келган барча ҳолатларни ўрганмоқда.











