Япония Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш учун 229,6 млн доллар кредит ажратади. Бу ҳақда Япония элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Икки лойиҳа бўйича алмашинув ноталари 10 июн куни Тошкентда имзоланди. Ҳужжатларни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хирата Кендзи ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров имзолади.

Биринчи лойиҳа — «Давлат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш» — 21,79 миллиард иенагача (136 миллион доллар) кредит ажратишни кўзда тутади. Иккинчиси — «Саноат секторида энергия самарадорлигини ошириш» — 14,97 миллиард иенагача (93,4 миллион доллар). Ҳар иккала кредит 25 йил муддатга, шу жумладан, 7 йиллик имтиёзли давр билан берилмоқда. Кредитнинг асосий қисми бўйича фоиз ставкаси 2,4 фоизни, консалтинг хизматлари бўйича эса 0,8 фоизни ташкил этади.

Ушбу ҳамкорлик давлат биноларида, шунингдек, саноат ва тижорат секторларида энергия тежовчи ускуналар ва технологияларни модернизация қилиш ҳамда жорий этиш орқали энергия истеъмоли ва иссиқхона газлари ажралишини камайтиришга қаратилгани таъкидланяпти.