Мамлакатда сўнгги йилларда анъанавий гиёҳванд моддалар билан бир қаторда синтетик наркотиклар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси кўпаймоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, эркин муомаласи тақиқланган бундай воситалар асосан қўшни давлатлардан ноқонуний йўллар билан олиб кирилиб, яширин тарзда тарқатилмоқда.

ДХХ ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Фарғона шаҳрида яшовчи 1974 йилда туғилган фуқаро келгусида сотиш мақсадида ўз хонадонида 3580 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситасини сақлаётгани аниқланди. Мазкур дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, «Қўқон – Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи 1990 йилда туғилган шахс бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомашина текширилганда, унинг салонида хуфиёна тарзда яширилган 2520 дона «Регапен» дори воситаси борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутасаддилар фуқароларни гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганда, ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирмоқда.