Ҳодиса 28 май куни эрталаб Цюрих яқинидаги Винтертур шаҳри темирйўл вокзали ҳудудида содир бўлган. Маълумотларга кўра, 31 ёшли Швейцария фуқароси ўткир жисм билан йўловчиларга ҳужум қилган.

Натижада ёши 28 дан 52 ёшгача бўлган уч нафар фуқаро жароҳат олган. Улар шифохонага ётқизилган бўлиб, бир нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, гумондор ҳужумдан олдин бир неча бор қичқирган. Гувоҳлар сўзларига кўра, ҳодиса пайтида атрофдагилар ва болалар саросимага тушиб, ҳудудни тарк этган.

Цюрих кантони хавфсизлик департаменти раҳбари Марио Фер воқеани «террористик акт» деб атади. Кантон полицияси вакили Мариус Вайерман эса ҳужум сабаблари радикаллашув ва экстремизм билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари гумондорни ҳодиса жойида қўлга олган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Швейцария федерал темирйўллари маълум қилишича, ҳодиса поездлар ҳаракатига таъсир кўрсатмаган.