Апрел ойидаги Марказий банк сўровномаси натижаларига кўра, аҳоли инфляция кутилмалари мартга нисбатан 0,4 фоиз бандга пастлаб, 10,6 фоиз атрофида шаклланди. Бизнес кутилмалари эса 10,3 фоизни ташкил этиб, ойлик нисбатда 0,4 фоиз бандга қисқарди. 

Респондентлар инфляцион фонни шакллантираётган асосий омиллар қаторида қуйидагиларни кўрсатган:

  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (51 фоиз);
  • ёнилғи ва энергия ресурслари нархлари ошиши (44 фоиз);
  • асосий озиқ-овқатларнинг қимматлашиши (28 фоиз).

Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма пенсионерларда (12,6 фоиз) кузатилган. Энг паст кутилмани талабалар (9 фоиз) белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма маданият (12 фоиз) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса ташиш хизматлари (9 фоиз) соҳасига тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (11,7 фоиз) ҳамда Қашқадарё (11,4 фоиз) ва Сурхондарё вилоятларида (11,4 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси (9,6 фоиз) ва Самарқанд вилоятида (9,8 фоиз) қайд этилган. Ўз навбатида тадбиркорларнинг кутилмалари Тошкент шаҳрида (11,4 фоиз) баланд, Қорақалпоғистон Республикасида (9,2 фоиз) эса энг паст бўлган.

Даромадлари 30 млн сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари республика бўйича энг юқори даражада шаклланган – 16,5 фоиз. Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 17 фоиз ва ундан юқори инфляция кутаётганлар улуши 19 фоиз бўлган.