Хитойнинг China Manned Space Agency маълум қилишича, кема 25 май куни Пекин вақти билан соат 02:45 да Тяньгун станциясига уланган.
“Шэньчжоу-23” экипажи таркибига миссия қўмондони ва борт муҳандиси Чжу Янчжу, учувчи Чжан Чжиюань ҳамда юк мутахассиси Ли Цзяин киради.
Улар 2025 йил октябридан бери станцияда фаолият юритаётган экипажни алмаштиради ва бир қатор илмий тажрибалар ўтказади.
Маълум қилинишича, миссия доирасида тайконавтлар космик нурланишнинг инсон организмига таъсири, суяк тўқималарининг зичлиги камайиши ва психологик стресс каби омилларни тадқиқ қилади.
Шунингдек, “Тяньгун” станциясига май ойида сунъий эмбрионларга ўхшаш ҳужайра тўпламлари — бластоидлар ҳам юборилган. Олимлар бу орқали инсоннинг космосда узоқ муддат яшаши ва кўпайиши имкониятларини ўрганмоқда.
Хабарда айтилишича, экипаж аъзоларидан бири станцияда тахминан бир йил қолиши мумкин. Бу Хитойнинг одатий космик миссияларига нисбатан деярли икки баробар узоқ муддат ҳисобланади.
Экспертлар фикрича, мазкур тадқиқотлар Хитойнинг 2030 йилгача Ойга инсон юбориш дастури учун муҳим аҳамиятга эга.











