19 май куни имзоланган президент фармонига асосан, солиқ хизмати ходимларига кўп йил ишлаганлик учун тўланадиган ҳар ойлик устама миқдори оширилди.

2026 йил 1 июндан бошлаб, устама миқдори қуйидагича бўлади:

  • иш стажи 1 йилдан 3 йилгача бўлганда, 30 фоиз;
  • иш стажи 3 йилдан 5 йилгача бўлганда, 60 фоиз;
  • иш стажи 5 йилдан 10 йилгача бўлганда, 80 фоиз;
  • иш стажи 10 йилдан 15 йилгача бўлганда, 100 фоиз;
  • иш стажи 15 йилдан 20 йилгача бўлганда, 120 фоиз;
  • иш стажи 20 йилдан ошганда, 150 фоиз.

Бундан ташқари, худди шу санадан бошлаб халқаро малака даражалари ёки сертификатларига эга барча даражадаги солиқ хизмати ходимларига ҳар ойлик иш ҳақига қўшимча равишда лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида устама тўланади.

1 июндан бошлаб, шунингдек, солиқларни тўлаш муддатини бузганлик учун пенялар, шу жумладан, давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида қўшимча ундирилган суммалар бўйича пенялар ҳамда солиқ қонунчилигини бузганлик учун қўлланган молиявий жазо чоралари суммаларининг Солиқ қўмитаси махсус жамғармасига йўналтириладиган қисми 40 фоиз деб белгиланади.

2027 йил 1 январдан бошлаб солиқ соҳасида алоҳида ташаббус кўрсатган, солиқ тизими ривожига ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида "Солиқ хизмати фидойиси" кўкрак нишони таъсис этилади.