Мазкур суриштирув эълон қилинганидан сўнг ҳолат жамоатчилик ва мутасадди идоралар даражасида ҳам муҳокама қилина бошланди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ботирали Шодиев томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исламовга депутатлик сўрови юборилди.
Депутатга кўра, ушбу муаммо бир кунлик ёки тасодифий ҳолат эмас. Унинг қайд этишича, аввалги йилларда ҳам кон портлатиш ишлари белгиланган техник талаб ва хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этилмаган ҳолда амалга оширилгани ҳақида аҳоли томонидан бир неча бор эътирозлар билдириб келинган. Бу эса муаммо тизимли хусусиятга эга эканини кўрсатади.
Депутатлик сўровида Оқбўйра ҳудудида кон портлатиш ишлари қандай ҳуқуқий асос ва назорат механизмлари доирасида амалга оширилгани, амалдаги техник регламент ҳамда хавфсизлик қоидаларига қай даражада риоя этилгани юзасидан асослантирилган маълумот бериш сўралган.
Шунингдек, портлатиш ишлари натижасида фуқароларнинг уй-жойлари ва мол-мулкига етказилган зарарни аниқлаш ҳамда қоплаш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида ҳам расмий изоҳ талаб қилинган.











