Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб бир қатор товар ва хизматлар учун фақат нақдсиз шаклда тўлов қилишга ўтилган эди. 5 май куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги йиғилишда шу янги тартибга боғлиқ равишда қатор таклифлар илгари сурилди.

Жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш, нақдсиз тўловларнинг аҳоли учун қулай шаклларини кўпайтириш, умумий овқатланиш, алкогол, тамаки ва ёқилғи сотиш соҳаларида харид чеки бўйича ҳисобланган кешбекни тезкор қайтариш имкониятини яратиш таклиф этилди.

Банк карталари орқали амалга ошириладиган операцияларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилган антифрод SMS-хабарномалар бўйича харажатларни қайта кўриб чиқиш, мобил иловалардаги хабарномалар ёки биометрик идентификация каби муқобил ечимлардан фойдаланиш таклиф қилинди.

“Давлатимиз раҳбари рақамлаштириш жараёнларини бизнесга қўшимча юк эмас, қулайлик яратадиган воситага айлантириш зарурлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.