Сирдарёда солиқ органи мансабдор ходими пора олишда гумонланиб, тезкор тадбирда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ гўёки 1 млрд сўмдан юқори савдо айланмасини яшириб, мажбурий тўловдан бўйин товлагани важи билан унга нисбатан сунъий шакллантирилган 145 млн сўм жаримани қўлламасликни, шунингдек, келгуси фаолиятида раҳнамолик қилишни айтган. У бу “хизмати” эвазига МЧЖ раҳбаридан 10 млн сўмлик тилла тақинчоқни олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқаролардан кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар бериш сўралган.
Аввалроқ Фарғонада солиқчи 20 минг доллар билан ушланганди.











