ЖИБ Ўзбекистон туман судида Наманган шаҳри собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича суд мажлислари бошланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти судлари ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 6 нафар судланувчининг (барчаси эркак) 3 нафарига нисбатан қамоққа олиш, 3 нафарига эса муносиб хулқ-атворда бўлиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

Дастлабки тергов органи айблов хулосасига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбланмоқда:

  • 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 168-модда (фирибгарлик);
  • 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
  • 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);
  • 209-модда (мансаб сохтакорлиги);
  • 28,209-модда (мансаб сохтакорлигида иштирокчилик);
  • 210-модда (пора олиш);
  • 28,211-модда (пора беришда иштирокчилик);
  • 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш).

Анвар Отахўжаев тезкор тадбирда қўлга олингани ҳақида 2025 йил сентябр ойида хабар берилганди.

Анвар Отахўжаев Наманган шаҳар ҳокими лавозимига 2023 йил декабрида тайинланган. У 2019-2023 йилларда Чортоқ тумани ҳокими бўлган.