Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Исомиддин Исманов қўлга олинган тезкор тадбир тасвирларини эълон қилди.
Маълум бўлишича, Исомиддин Исманов 50 минг долларни ўз яшаш хонадонида санаб олган. У пулни олгач, “бу қарз деб аталишини” билдирган.
Улар ўртасидаги суҳбат шундай бўлган:
Тадбиркор: “50 минг ўтди-а, ака?”
Ҳоким ўринбосари: “Бу қарз дейилади, биласиз-а? Шунақа нарсаси бор”.
Тадбиркор: “Мен сизга бердим, ака”.
Ҳоким ўринбосари: “Йўқ, шунақа дейилади”.
Тадбиркор: “Ҳужжатини “чотки” қилиб, менинг номимга чиқартириб берсангиз бўлди”.
Исомиддин Исманов Бобур шаҳарчаси ҳудудида давлат захирасида бўлган 20 сотих ерни ҳужжатлаштириб олиб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган. У 4 апрел куни пулни ўз уйида олаётганида ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинганди.
Ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. У процессуал тартибда ушланган.










