Тожикистон президенти Имомали Раҳмон «экспертлар таҳлилига» таяниб, жорий йилда озиқ-овқат нархлари мисли кўрилмаган даражада ўсишини айтди. Бунга «сўнгги пайтларда дунёда рўй бераётган воқеалар, иқлим ўзгаришлари ва уларнинг салбий оқибатлари» сабаб бўлмоқда, деди у.
Тожикистон етакчиси озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошишини ҳисобга олиб, фермерларни баҳорнинг ҳар бир қулай кунидан унумли фойдаланиб, истеъмол бозорини товарлар билан тўлдириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун саъй-ҳаракат қилишга чақирди.
«Сувдан ва ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш миллий иқтисодиётнинг ривожланиши, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва халқнинг муносиб ҳаётини таъминлашнинг муҳим шартидир», деб таъкидлади Раҳмон.











