Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жиноятчилар махсус мобил иловалар орқали такси буюртма қилган. Манзилга етиб келган ҳайдовчилардан эса “нақд пул йўқлиги”ни баҳона қилиб, маблағни карта орқали ўтказишни сўраган. Шу орқали улар ҳайдовчиларнинг банк картаси маълумотлари ҳамда SMS орқали келадиган тасдиқ кодларини қўлга киритган.

Оператив тадбирлар давомида мазкур жиноятларга алоқадор бўлган Фарғона шаҳрида яшовчи 22 ёшли шахс аниқланиб, у қилган жиноятларини тан олган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда машҳур компаниялар номидан тарқатилаётган сохта акциялар ҳам аниқлангани хабар қилинган эди. Бундай ҳолатларда фуқароларга квартира, ваучер ёки бепул интернет трафиги ваъда қилиниб, аслида уларнинг шахсий ва банк маълумотларини қўлга киритиш мақсад қилинган.