Янги тартибга кўра, товарларни божхона кўригидан ўтказиш, омборга жойлаштириш ҳамда улар ҳаракатини ҳисобга олиш жараёнларини янада аниқ ва шаффоф юритиш мақсадида бир қатор янги ҳужжат шакллари жорий этилди.

Жумладан, товар ва транспорт воситаларини текшириш натижаларини расмийлаштириш учун божхона кўриги далолатномаси, жисмоний шахсларнинг қўл юки ва багажларини текшириш бўйича алоҳида далолатнома, декларантлар учун товарларни олдиндан кўздан кечириш ёки ўлчашга оид электрон мурожаатнома ҳамда юкларни божхона омборига тушириш бўйича махсус далолатномалар шакллари тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатлар божхона органларининг ахборот тизими орқали электрон шаклда расмийлаштирилиши белгиланди. Шу билан бирга, автомобиль транспортида халқаро юк ташиш фаолиятини амалга ошираётган божхона ташувчиларини реестрга киритиш учун алоҳида мурожаат қилиш талаби ҳамда ариза шакли бекор қилинди.

Киритилган ўзгаришлар божхона жараёнларини рақамлаштириш, ҳужжат айланмасини соддалаштириш ва соҳада шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.