Тошкент вилояти ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси маълум қилишича, Бухоро вилоятида яшовчи, 2004 йилда туғилган шахс (М.Д.) Instagram ижтимоий тармоғида бемор болалар номидан жойлаштирилган эҳсон видеоларини юклаб олиб, уларни қайта ишлаб, монтаж қилган.
Қайд этилишича, гумонланувчи асл видеолардаги банк карта рақамларини ўзгартириб, ўрнига бошқа карта маълумотларини жойлаштирган. Шу йўл билан фуқаролар томонидан эҳсон мақсадида юборилган пул маблағлари унинг қўлига тушган ва ўзлаштириб келинган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, ушбу шахс 2025 йил октябрь ойидан фош этилгунга қадар онасига тегишли банк картасига қарийб 2 минг транзакция орқали жами 161 миллион сўм маблағни туширган ҳамда уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











