Низомда белгиланишича, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза давлат хизматлари маркази ёки ижтимоий ходим орқали топширилади. Шунингдек, “ЯМИҲ” ахборот тизими, ЯИДХП ёки “Ижтимоий карта” мобил иловаси орқали мустақил равишда мурожаат қилиш ҳам мумкин.

Ҳар бир оила ойига 1 марта болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун мурожаат қилиши мумкин. Ойнинг 16-санасигача тақдим этилган аризалар шу ойда, 16-санадан кейин берилган мурожаатлар эса кейинги ойда кўриб чиқилади.

Агар нафақа ёки моддий ёрдам тайинлашни рад этиш учун асослар аниқланмаса, тўлов ариза кўриб чиқилган ойдан кейинги ойдан “Ягона реестр” ахборот тизимида автоматик тарзда тайинланади ва тўланади.

Шунингдек, “давлат таъминотидаги оила” ва “камбағал оила” тоифасидаги оилаларга нафақа ва моддий ёрдам улар мазкур тоифадан чиққунига қадар тайинланиши қайд этилди. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдори эса қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.